Saytga kirish
A'zo bo'lish
Hikoyalar | Маккада нима гапдар 2
Агар сўзларимни сир тутишга ваъда берсанг, айтаман.
— Менга ишонавер.
— У ҳолда гап бундай. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ исмли бир кишини қидираётирман. Пайғамбарман деб даъво қилаётган эмиш. Топа олсам, у билан суҳбатлашмоқчи эдим. Менга ёрдам бера оласанми?
— Сен қидираётган одам амакимнинг ўғли бўладилар. Менинг исмим Али, ҳозироқ у кишининг ҳузурларига боришимиз мумкин. Орқамдан изма-из борасан. Агар хавфли бир нарсани сезсам, деворнниг тагига қайтиб келаманда, сенга ишора қиламан. Сен мени кутмай, тез орқага кайтишинг керак бўлади. Агар деворнинг ёнига қайтиб келмасам, сен ҳам мен кирган уйга кирасан, хўпми?
— Мени хурсанд қилиб юбординг, эй Али, — деди Абу Зарр омади чопганидан боши кўкка етиб. Ва турли-туман ҳаяжону ҳислар оғушида Алининг кетидан юриб кетди. Тўғри Расулуллоҳнинг уйларига борди.

Кирдилар... Абу Зарр Расулуллоҳни кўрар-кўрмас бутун вужудини титроқ босди. Бир оз вақт шу тахлитда кечди. Сўнгра ўзини тутиб олиб:
— Келтирган дининг ҳақида менга гапириб берсанг, —деди.
Ислом динининг моҳияти, мазмун-мақсадини шахсан пайғамбаримизнинг тилларидан эшитишга мушарраф бўлди. Тинглаб ўтирар экан, қалби тобора хузур-ҳаловатга тўлаётганини ҳис этарди. Пайғамбаримиз гапларини тугатгач, зўр ҳаяжон ва самимий ишонч билан:
— Мен шоҳидлик бераманки, Оллоҳдан бошқа ҳеч бир маъбуд йўқдир. Яккаю ягонадир, тенги ҳам, ўхшаши ҳам, шериги ҳам йўқдир. Яна шоҳидлик бериб айтаманки, сен Унинг бизларга йўллаган расулисан! — деди.
Набийи Акрам (с.а.в.) ғоят мамнун бўлдилар.
⎯ Эй Абу Зарр, сен ҳозирча бу ишни сир сақла. Юртингга қайт. Ишимиз бароридан келиб, ғолиб чиққанимизни эшитганингда, келиб бизларга қўшил, — дея тайинладилар.
⎯ Эй Оллоҳнинг расули, сизни ҳақ пайғамбар қилиб жўнатган Парвардигоримизга қасамлар бўлсинки, овозим борича Макка халқига бу ҳақиқатни етказмагунча ҳеч қаерга кетмайман!
Шундан кейин Абу Зарр Каъба ёнига келди ва ваъдасига биноан қичқира бошлади:
⎯ Эй маккаликлар! Эшитмадим деманглар!..
Шовқин-сурон тиниб, ҳамма мусофирнинг юзига тикилиб қолди. Одамларнинг диққатини жалб этишга муваффақ бўлган мусофир бор овозда даъвосини эълон этди:
— Ашҳаду алла илаҳа иллоллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ.

Бу муборак сас Масжиди Ҳарамда илк янграган шаҳодат калималари эди. Томоғи йиртилгудай бўлиб, бор кучи билан бақираверди. Овози Каъбанинг деворларидан Масжиднинг бурчак-бурчакларигача тарқалди. Қурилгандан бери бу сўзларга муштоқ бўлган Каъба, ушбу муборак жумлани соғинган Масжиди Ҳарам худди жонлангандай бўлди. Бутун коинотнинг муаззам тузуми мана шу сўзлар асосига қурилган, десак сира янглишмаймиз. Шу пайтгача хали ҳеч бир инсон бу ерда бундай хайрли сўзларни сўзламаган, бу сўзлар азалдан абадиятга қадар саодат ва фазилатнинг ягона ва мутлақ калитига айланган эди.
Шу кунгача ҳеч ким қилолмаган ишни қилган мусофирга нисбатан миннатдорлик ва шафқат ҳиссила тўлган бир неча нигоҳ Муборак байтнинг эгасига йўналди: «Оллоҳим, Ўзинг уни паноҳингда асра», дея илтижо қилди.
Бошқа кўп кишиларнинг эса, юзлари буришди. Илк иккиланиш ҳисси узоқ давом этмади. Мусофир учинчи марта калимаи шаҳодатни келтира бошлаган эди ҳамки, ўрнидан сапчиб турганлар бўлди:
— Овозини ўчиринг бу тирранчанинг!..
— Уринг, аяманг бу аблаҳни! — деган овозлар бир-бирига қоришиб кетди.

Абу Заррнинг устига бостириб кела бошладилар. Ёмғирдек бирин-кетин ёғилган тошлар, шапалоғу калтаклар уни ерга йиқитди.
Устига ёпирилдилар. Сўкиниш, қарғиш ва калтаклар ҳеч тўхтамас эди.
Бу орада Аббос уларнинг орасига кирди. Абу Заррнинг устига ётиб олди.
— Уят сизларга! Шунча киши биргалашиб, бир мусофирни ўлдирмоқчисиз? Эртага тижорат йўлингиз Ғифор қабиласидан ўтишини унутдингизми? Тортинг қўлингизни!
Абу Зарр роса дўппосланган, зўрға нафас олар эди. Вужуди қақшаб оғриқ берар, бу оғриқларга чидаёлмай инграр эди. Тонггача шу аҳволда қийналиб ётди. Аммо кўнгли заррача яраланмаган эди. Қалбан ўта хотиржам, ўта тинч эди. Шунинг учун бўлса керак, эртаси куни яъни Каъбга борди, яна бақириб-чақириб калимаи шаҳодатни такрорлай бошлади. Яна устига ёпирилиб, калтаклай бошладилар.
Joziba.Ru - Eng jozibali portal
Yuklab olish:
TXT format
Bo'lim: Boshqalar
Yozdi: SizsiZ HayoT KerakmaS * (11 May 2019, 18:24)
Ko'rilgan: 71
Reyting: 0
*0 | 0*
Fikrlar: (0)
Saytda 1 soat davomida faol bo'ling va saytdan to'liq foydalaning!
Faollik vaqtingiz:
Xabar yo'q!
Bosh sahifa